ПАЙШАНБА–ПРОФИЛАКТИКА КУНИ! Одам савдосига қарши курашиш бўйича ўқув семинари ташкил этилди

Бугун, 20 февраль куни Нурафшон шаҳрида, Тошкент вилояти ИИББ Терроризм ва экстримизмга қарши курашиш бошқармаси томонидан, Президентимизнинг “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда профилактика куни доирасида маҳалла фуқаролари йиғини раислари иштирокида ўқув семинари ўтказилди.

Йиғилишда Нурафшон, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари ва Ўртачирчиқ, Оҳангарон, Бўка, Қуйичирчиқ тумани маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Семинарда, одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш бўйича амалий тушунчалар берилди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича иш олиб борилаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, мавзу доирасидаги қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар мазмун моҳияти тўғрисида тушунчалар берилди.
Таҳлиллар, одам савдоси қурбони бўлаётган аёлларнинг айримлари чет элга чиқиш мақсадида Олма-ота ,Ўш , Боку, Одесса ва Тбилиси шаҳриларига, шунингдек, Москва орқали асосан Истанбул, Сеул, Дубай, Мадрид, Деҳли, Рим, Миср, Теҳрон ва Тель-Авив шаҳарларига ноқонуний равишда чиқиб кетганликларини кўрсатмоқда, -дейди ИИББ масъул ходими З.Рахимов. -Адашган, алданган жабрдийдаларга қўлдан келгунча кўмак бериш ҳар бир кишининг инсоний бурчи ҳисобланиши керак. Дарҳақиқат, одам савдосига қарши курашиш фақатгина тегишли вазирлик ёки ташкилотларнинг иши эмас, барчамиз бирдек масъулмиз. Одам савдосини олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштиришимиз зарур. Чунки, шу ҳолатлар тушаётган ҳар бир инсон сизнинг, бизнинг юртдошимиздир.
Ушбу ўқув семинарлари вилоятнинг барча шаҳар туман маҳалла фуқаролари йиғинлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган