ҲАМКОРЛИК – ЮКСАК САМАРАДОРЛИК ГАРОВИ

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йил давомида Қашқадарё вилоятидан чет элларга 113431 нафар фуқаро узоқ муддатга чиқиб кетган бўлса, улардан 15214 нафари Яккабоғ туманидан Россия, Қозоғистон ва бошка хорижий мамлакатларга йўл олган. Шу билан бирга ўтган йил мобайнида 10 нафар яккабоғлик чет элдан депортация қилиниб, яна кўплаб кишилар зарур маълумотлар ва билимга эга бўлмагани туфайли хорижда одам савдосидан жабрланган ва турли нохуш вазиятларга тушиб қолган.

Шу каби долзарб фактлар ва рақамлар жорий йил 26 февраль куни Яккабоғ туманида ўтказилган “Одам савдосига қарши курашиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш” мавзусидаги семинар-тренингда ошкор қилинди.

«Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!» лойиҳаси доирасида Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими томониданм вилоят ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бу тадбирда ишчи ишлар органлари профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутахассислари иштирок этишди.

Семинар-тренинг давомида мазкур тумандан чет элга норасмий равишда чиқиб кетиб, у ерда турли муаммоларга дуч келган одамларнинг ҳолатлари кўриб чиқилди ва улар қандай хатоларга йўл қўйганликлари, шунга ўхшаш вазиятларда профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари ватандошларимизга қай тарзда ёрдам беришлари мумкинлиги муҳокама қилинди. Масалан, тадбир иштирокчилари Яккабоғ туманидан Россия Федерациясининг Саратов вилоятига турмуш ўртоғи ва бир ёшли фарзанди билан кетиб, у ерда маиший зўравонликдан жабр кўрган ва охир-оқибат Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда унинг хорижий ҳамкорлари ёрдамида ватанига қайтарилган 22 ёшли аёлнинг вокеий ҳикоясини эшитишди. Шу мисол асосида профилактика инспекторлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари мутахассисларига Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳузурида ташкил қилинган “Долзарб алоқа” тармоғининг асосий мақсади ва вазифалари, иш тамойиллари тушунтирилди. Шунингдек, марказ томонидан бепул ва махфийлик сақланган ҳолда кўрсатиладиган психологик, юридик ва бошқа хизматлар ҳақида маълумотлар берилди.

Семинар-тренингда таъкидланганидек, одам савдоси хавфидан огоҳ этувчи ташвиқот ишларининг бевосита жойларда ташкиллаштирилиши фуқаролар томонидан маълумотларнинг тўлиқ ўзлаштириши, келгусида қариндошлари ва танишларига ҳам етказилиши, жамиятимизда соғлом ижтимоий муҳитнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.

Тадбир иштирокчиларининг мавзуга оид барча саволларига Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова ва Яккабог тумани ИИБ ходими Шахбозжон Маматов батафсил жавоб қайтаришди.