Одам савдосига қарши курашда ҳамжиҳатлик муҳим аҳамият касб этади 

Одам савдоси – мураккаб жиноятлар занжиридир. Шу боис ҳам бу жиноят турини фош этиш ва айбдорларни аниқлашга қаратилган тергов ишлари амалиётда кўп қийинчиликларга учрайди. Аксарият ҳолларда уни миграция режимини бузиш, қўшмачилик, фирибгарлик, зўравонлик ва шу каби жиноятлар билан адаштиришади. Бунинг натижасида одам савдоси ҳолати фош этилмай қолиши, жиноятчилар эса ўз фаолиятини давом эттиришлари мумкин. Бундан ташқари, жабрланганлар ёрдамдан маҳрум бўлади ва такроран қўлликка дучор бўлишлари мумкин. Энг хавфлиси – улар бундай ёпиқ доира ичида айланишни давом эттириш жараёнида ўзлари ҳам ёлловчиларга айланиб қолишлари ҳеч гап эмас.

Бу ҳақда жорий йил 12 март куни Чироқчи тумани ИИБ биносида ташкил этилган семинар-тренингда батафсил сўз юритилди. Ҳудуддаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутахассислари қатнашган мазкур тадбир «Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!» лойиҳаси доирасида Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан вилоят ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди.

Семинар-тренингда одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва идентификациялаш, шунингдек, уларга қонунийлик, шахсни ҳурмат қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда ёрдам кўрсатиш ҳамда кўмакка муҳтож кишиларни тегишли ташкилотларга қайта йўналтириш тартиблари тушунтирилди.
Айни пайтда норасмий меҳнат миграцияси қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги бўйича аниқ мисоллар келтирилди. Масалан, 2019 йилда Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими “Долзарб алоқа” тармоғига мурожаат этган чироқчилик аёлга Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигига бедарак йўқолган ўғлини излаб топишда ёрдам бериш юзасидан ариза ёзишда кўмаклашди. Жавоб хати келгач, аниқландики, бедарак йўқолган фуқаро бир неча ой олдин ўзи кўп қаватли бинонинг 9-қаватидан йиқилиб тушиб, олган жарохатлари туфайли оламдан кўз юмган. Қариндошлари эса узоқ вақт давомида бундан бехабар бўлишган.

Одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш жараёнида, албатта, аҳолининг турли қатламлари орасида ушбу мавзуга бағишланган аниқ, тушунарли ва зарур кўникмаларни шакллантиришга қулай имкон берувчи ахборот-тарғибот тадбирларининг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, мазкур фаолиятга оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда, муаммони келтириб чиқарувчи омиллар, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилар ва жиноий гуруҳларга нисбатан қўлланилаётган чора-тадбирлар, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кенг ёритиб борилиши ҳам одам савдоси профилактикасида юксак самара беради. Ушбу йўналишдаги тарғибот ишларининг, айниқса, ёшлар ўртасида мунтазам равишда амалга оширилиши жамиятда одам савдосига қарши қатъий позициянинг шаклланиши ва келажакда кўплаб муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими томонидан жорий йилнинг 12-март куни Чироқчи туманидаги 43-мактабда «Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз» мавзусида тадбир ташкил қилинди.

105 нафар ўқувчи иштирок этган бу тадбирда Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими директори Шаҳноза Раупова ва волонтёр Ўрал Тошев ёшларга “мойчечак” номли уйин орқали одам савдосининг оғир оқибатлари, унга қарши қандай курашиш керак эканлиги ҳақида тушунчалар бериб, бу борада огоҳ бўлишга чақиришди.

Тадбир интерфаол усулда олиб борилиб, ўқувчи ёшларга имкон қадар содда ва қулай усулда кўплаб маълумотлар етказилди. Ўйлаймизки, улар олган билим ва кўникмаларини келажакда ўз тенгдошлари билан ўртоқлашишади.