ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШ – ЁШЛАР НИГОҲИДА

Қашқадарёда “Одам савдосига қарши кураш – ёшлар нигоҳида” болалар расмлари танловига старт берилди.

Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот марказининг Қашқадарё вилоят бўлими томонидан Қарши шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу ижодий беллашув “Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.

-Ёш рассомлар эътиборини ушбу долзарб мавзуга қаратиб, болаларда одам савдоси хавфли иллат эканлиги тўғрисидаги тушунчани мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларга нисбатан муносабат билдириш, шу жумладан, уларни ўз ижодида акс эттириш кўникмаларини ривожлантиришни мақсад қилганмиз, — дейди Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот марказининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. – Танлов бир ой давом этиб, унинг ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланади. Бундан ташқари, энг яхши расмлар асосида 20 та тематик тақвим яратилади ва нашр этилади.

28 февраль куни Қарши шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Одам савдосига қарши кураш – ёшлар нигоҳида” болалар расмлари танловининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда бу масканда “Тасвирий санъат” йўналиши бўйича таҳсил олаётган ёшларга танлов мавзуси ва шартлари батафсил тушунтирилгач, ёш рассомлар мавзуга оид расмлар чизишга киришишди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот маркази Қашқадарё вилоят бўлимининг “Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!” деб номланган ижтимоий аҳамиятга молиқ лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб амалга оширилмоқда.