06 Марта
Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлимлари раҳбарлари учун ўқув курслари ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сонли Фармони талаблари асосида одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссиялари фаолиятини ташкил этиш ва белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб республикамиз ҳудудида фаолият юритаётган ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлимлари раҳбарлари учун ўқув курслари ташкил этилди.
Мазкур ўқув курсларда Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Одам савдоси ва ноқонуний миграция қарши курашиш бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссиялари фаолиятини талаб даражада ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳқамаси томонидан қабул қилинаётган қонун, қарор ва фармойишлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, мутассадди вазирликлар ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда одам савдоси жабрдийдалар ва узоқ муддатдан қайтган фуқароларга керакли ёрдам кўрсатиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари ёрдамида республикада одам савдосига қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида омма эътиборига етказиш ҳақида ўқитиш олиб борилди.
Одам савдоси жабрдийдаларини аниқлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида Кичик комиссия томонидан миллий даражадаги «www.ht.gov.uz» веб-сайти ҳамда Ички ишлар вазирлигида +998-99-311-01-01 рақамли долзарб алоқа тармоғи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, мазкур йўналишда ўз самарасини бериб келмоқда.
Маълумот учун 2019 йилда жами келиб тушган мурожаатлар 710 та бўлиб, шулардан ишонч телефони орқали 421 та, ёзма равишда 197 та, сайёр қабулда 92 та қабул қилинган.
Ишонч телефонига келиб тушган 421 та мурожаатларнинг 106 таси қаноатлантирилган, 252 таси бўйича малакали ҳуқуқий тушунтириш берилган, 42 таси қонуний асосларга кўра рад этилган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган, 11 таси бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Хусусан, долзарб алоқа орқали қилинган мурожаатлар бўйича чет эл ва МДҲ давлатларидан қайтишга имкони ҳамда шароити бўлмаган 72 нафар фуқарони Ўзбекистонга қайтарилишига эришилди.
Бундан ташқари, турли сабабларга кўра, фуқаролик паспортларини йўқотган ёки олдириб қўйган 22 нафар фуқароларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олишда Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатилди ва узоқ муддатга чиқиб кетиб, яқинлари билан алоқаси узилганлиги боис, чет элдаги аниқ манзили номаълум бўлган 24 нафар фуқароларни аниқ манзили аниқланди ҳамда 151 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.
ИИВ ТваЭҚКББ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси