Чет давлатида оғир ижтимоий аҳволда қолган фуқаромиз Ватанга қайтарилди

Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга келиб тушган маълумотга кўра, Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида яшаган 1962 йилда туғилган, И.Бондаренко 1999 йилда Бирлашган Араб Амирликлари давлатига дам олгани чиқиб кетиб, шу кунга қадар норасмий равишда яшаб келгани маълум бўлди. 2019 йилнинг оҳирида соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тиббиёт муассасасига ётқизилган ва муолажалардан сўнг соғайиб, Ўзбекистон Республикасига қайтиши учун қўмаклашишда ёрдам сўраган.

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан И.Бондаренконинг мурожаати ўрганиб чиқилган ва амалий ёрдам бериш бўйича чоралар кўрилган. Ташқи ишлар вазирлиги, Республика “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 12 март куни И.Бондаренко соғ-омон Ўзбекистон Республикасига қайтарилди

Фуқаро И. Бондаренко ИИВ ТЭҚКББ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Республика “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилотининг масъул ходимлари томонидан И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олиниб, унинг аниқ яшаш жойи бўлмаганлиги ва ижтимоий ёрдамга муҳтожлиги сабабли Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказига жойлаштирилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, нормал ҳаёт тарзига қайтариш ҳамда яшаш жойи билан таъминлаш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.