Ёшларга экин ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи “Сертификат”лар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номли мактабида ўтказган Ёшлар билан учрашуви жараёнида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиланиб, сектор рахбарлари томонидан ёшлар билан доимий мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилиб, вилоят Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь кунидаги мамалакат ёшлари билан учрашувда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш, улар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш тўғриси”даги Қарорига асосан вилоятда 2020 йил давомида ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича “Манзилли режа” ишлаб чиқилди.

Шунга асосан, 2020 йил давомида ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жойларда ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов раҳбарлигида 3-сектор раҳбарлари билан биргаликда 2020 йил учун чора-тадбир белгиланиб, ҳар бир ишсиз ёшларни индивидуал ўрганиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида вилоят ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимларни 3-секторлар ва бошқа секторларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшларга бириктириб чиқилган эди.

Бириктирилган ёшлар ўртасида аниқланган муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида, Жарқўрғон тумани “Меҳнат-роҳат” МФЙ ҳудудида узоқ йиллардан буён қаровсиз бўлган ер майдонига техник ишловлар берилиб, экин экишга қулай бўлган экин майдонига келтирилди.

Экин экишга қулай бўлган 4 гектар ер майдони туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ташаббуси билан олиниб, мазкур ер майдони деҳқончилик билан шуғилланиш учун туман ҳокимлигининг 18 нафар ёшларга тўловларсиз бир йил муддатга фойдаланишлари учун сертификатлари топширилди.

Бунинг натижасида ҳар бир ёшларга ажратилган экин ер майдонига қўшимча бир ёки икки нафардан ёшлар жалб этилса, ўттиздан зиёд ёшларнинг, қолаверса уларнинг оила аъзоларининг бандлиги таъминишига, шунингдек оиланинг даромади ортишига ўз ҳиссасини қўшади.

Бошқарма бошлиғи томонидан ёшларга экин ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи туман ҳокимлигининг “Сертификати”ни топшириш билан бирга севиб ўқишлари учун бадиий китоблар ҳам совға қилинди.