“Ҳимоя ордери” ни амалиётда қўллаш бўйича Мирзаобод тумани ИИБда ўқув семинари ўтказилди ҳамда тазйиқга учраган аёлга «Ҳимоя ордери» берилди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида назоратга олинган бўлиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат сифатида “Ҳимоя ордери” ни бериш тизими амалиётда жорий этилди.

Айнан ушбу мавзу юзасидан Мирзаобод тумани ИИБда профилактика инспекторлари билан ўқув семинари ташкил қилинди. Семинарда профилактика инспекторларига Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сон Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 04 январь кунидаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сон Қарорининг мазмун-моҳияти, “Ҳимоя ордери”ни амалиётда қўллаш тартиби ва механизмлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Шунингдек, Мирзаобод тумани “Наврўз” шаҳарчаси “Наврўз” кўчаси 13-уйда яшовчи фуқаро Замира Жўраева туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи Э.Жўраев спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уни уриб, жисмоний тазйиқ ўтказиб келишини маълум қилиб, ҳимоя ордери беришни сўраган.

Унинг мурожаати ўрганилиб, З.Жўраева ва Э.Жўраевлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни, бу асосда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 3-сонли Қарори ҳамда ҳимоя ордерининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. З.Жўраева ва Э.Жўраевларга ҳимоя ордерининг тегишли нусхалари тўлдирилиб тақдим этилди. Фуқаролар ундаги чекловлар ва мажбуриятлар билан таништирилди.