2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади

“Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4633-сон, 06.03.2020 й.).

Қарорга мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади.

2020 йил ҳосилидан бошлаб:

– пахтанинг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;

– пахта етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади;

– сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.

Шунга кўра, техника, ускуна, транспорт воситаларидан ва пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш Кооперациянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланилаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинади.

2020 йил 15 мартдан бошлаб:

– пахта етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача кредитлар ажратилади;

– етиштирилган пахтани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача пахта йиғим-терими ҳамда якуний ҳисоб-китоб учун тижорат кредитлари ажратилади.

2021 йил ҳосилидан бошлаб пахта етиштиришни кредитлаш тартиби фермер хўжаликлари томонидан мустақил равишда аниқланади (ер майдони тўлиқ кластерга берилган ҳудудлар бундан мустасно).

Шунингдек, қарор билан “Ўзпахтасаноат” AЖ тугатилиши белгиланди.