30 Июля
Пандемия шароитида одам савдосига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
2020 йил 29 июль куни Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Бош прокуратура Академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда Одам савдосига қарши курашиш умумжаҳон кунига бағишлаб, “COVID-19 пандемияси шароитида Одам савдосига қарши курашиш” мавзусида видеоконференцалоқа шаклида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Унда 50 дан ортиқ давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек халқаро ташкилотларнинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича мутахассислар ва экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева ўз кириш сўзида мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва истиқболдаги вазифаларга эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, бутун дунёда 30 июль – Одам савдосига қарши курашиш куни сифатида кенг нишонланади. Ўтган йили ушбу сана муносабати билан Президентимизнинг тегишли Фармонига биноан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси, мазкур масала бўйича Миллий маърузачи институти жорий қилинган эди.
Ўтган бир йил мобайнида Миллий комиссия томонидан мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, ушбу соҳада давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позициясини яхшилаш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, чора-тадбирлар дастури, “Йўл хариталари” қабул қилиниб, ижроси таъминланиб келинмоқда.
Шу билан бирга, бу борадаги ишлар яқинда АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Жаҳондаги одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузада ҳам эътироф этилди. Давлат департаменти раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистоннинг олиб бораётган чора-тадбирларига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистоннинг бу муаммони ҳал қилишга қаратилган катта саъй-ҳаракатлари минтақада бошқа мамлакатлар учун янги стандартни белгилаб бераётганлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, давра суҳбатида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида миллий қонунчилигимизни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш ишларини давом эттириш, одам савдоси қурбонларини идентификация қилиш миллий механизимини ишлаб чиқиш, бу турдаги жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш масалаларига урғу берилди.
Шунингдек, давра суҳбатида COVID-19 пандемиясининг натижаларини ва одам савдосининг янги турлари пайдо бўлишини ўрганиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа тегишли муассаса ходимлари учун мўлжалланган одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ўқув дастурларини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илк натижалари ва тавсиялари, одам савдосидан жабр кўрганларга миллий даражада реабилитация хизматларини кўрсатишни ташкил этишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан одам савдосидан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришда ўзаро тажриба ва фикр алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққан халқаро ташкилотлар вакиллари ҳозирги пандемия даврида мазкур муаммога қарши курашда бирлашиш кераклиги ва бу шахс, жамият ва хавфсизлик учун жуда муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари белгилаб олинди.