13 Июля
«Саховат ва кўмак» хайрия тадбирлари Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг Пробация бўлинмалари томонидан ўтказилди
Азал азалдан ўзбек халқи меҳр-оқибат, мурувват, саховат ва тантилик каби инсоний фазилатларни улуғлаб келган. Қўни-қўшничилик, қариндошлар ўртасидаги бирдамлик, қолаверса, оғир кунда муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, саховатпешалик қадриятлари айни синовли кунларда одамларимизнинг бир-бирига бўлган ҳурмат ва самимийлигини янада мустаҳкамламоқда.
Шу кеча-кундузда мамлакатимизда жорий этилган карантин тартиби даврида ишламаётган, оғир шароитда турмуш кечираётган, кам таъминланган, кўп болали, ногирон ва ночор одамларимизнинг ҳеч бири эътибордан четда қолаётгани йўқ. Айниқса, билиб-билмасдан жиноят содир этиб ички ишлар органларининг Пробация бўлинмалари ҳисобида жазо муддатини ўтаётган назорат остидаги шахсларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва инсонпарварликнинг кунда гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бундай меҳр-мурувват ва саховатпешаликни Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ички ишлар органлари Пробация бўлинмалари фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Тизим ходимлари назорат остидаги шахсларнинг хулқ-атвори, уларга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўташлари, суд томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга риоя этишларини назорат қилиш баробарида, инсонпарварлик тамойиллари асосида уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатмоқдалар.
Маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийларнинг кўмаги билан ҳаётий яшаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари назорат остидаги шахсларнинг яшаш хонадонларига беғараз етказиб берилмоқда.
Бу эзгу амаллар ва берилаётган кўмак назорат остидаги шахсларнинг уйда қолиб илгари содир этган қилмишларидан тўғри хулоса чиқаришлари, тузалиш йўлига ўтишлари учун туртки бўлса, ажаб эмас.
Зеро, Пробация хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли биргина шахс тузалиш йўлига ўтса, жамиятимизда бир нечта жиноятларнинг, ноўрин азиятларнинг олди олинган бўлади.