Одам савдоси – оғир жиноят: инсон ҳаёти ўйинчоқ эмас


Одам савдоси инсонни эркинлигидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этиш, одамлар умрига зомин бўлишдек энг оғир ва жирканч жиноятлардан бири саналади. Афсуски, инсон ҳаётини тасарруф қилиш, уни олди-сотдига айлантириш айрим баднафс шахсларнинг доимий фаолиятига, мўмай даромад манбаига айланиб қолмоқда.
Аксарият ҳолларда бу жиноят билан шуғулланувчи кимсалар ўз ўлжаларига шоҳона қулайликлар, мўмай пул топишнинг чексиз имкониятлари ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, уларни ноқонуний йўллар билан хорижий давлатларга олиб чиқиб кетишади. Оқибатда эса…
Юртимизда одам савдосига қарши курашиш, бу жиноят жабрдийдаларини ҳимоялаш ва реабилитация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тегишли қонун, қарор ва фармонлар қабул қилинган. Шунга қарамай, ҳар йили кўплаб ҳамюртларимиз одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, улар орасида аёллар, ёш болаларнинг борлигидир.
Жорий йилнинг 25 март куни Қарши шаҳар «Рогузар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро П.В.нинг мурожаати асосида шаҳар ИИОФМБ ЖҚБ ва ТЭҚКБ тезкор ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир жараёнида Нишон тумани туғуруқ комплексида ҳамшира бўлиб ишловчи Ҳ.Ш. таниши – туманнинг Ғафур Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Г.Ч.нинг жорий йил 13 март куни туғилган чақалоғини 4 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.
Суриштирув давомида Ҳ.Ш. чақалоқни сотишни туман туғуруқ комплекси бош шифокори С.Н. айтганлигини, пулни унга беришини билдирди. Ҳолат бўйича тезкор тадбир давом эттирилди. Туман ИИБ ЙҲХГ биноси олдида жойлашган автобекат ёнида туман туғуруқ комплекси раҳбари Ҳ.Ш.дан чақалоқ сотилгани эвазига олинган 4 миллион сўм пулни олган вақтида ушланди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Суд ҳукми билан жиноятчилар тегишли жазосини олди.
Бундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш, иллатни таг томири билан даф қилиш барчамиздан сергаклик, ҳушёрлик, ён-атрофимиздаги воқелик­ларга бефарқ қарамасликни тақозо этади.