СИЙЛАМАСАНГИЗ ҲАМ ХЎРЛАМАНГ!

Ижтимоий тармоқларда маст ҳолда икки ойлик қизчасини Тошкент шаҳридаги “Чилонзор” буюм бозорида қолдириб кетган эркак ҳақидаги видео тарқалди. Ўз дилбандини сотиш ниятида кўчага отланиб, буни уддалай олмагач, бозор ҳудудига ташлаб кетган бу шахс Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан эканлиги маълум бўлди.
Хўш, жажжи фарзандини сотиш ёки уни ташлаб кетишга отани нима мажбур қилди экан? Ана шу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ИИБ ТЭҚКБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари чақалоқнинг ота-онаси ва уларнинг яшаш шароити билан танишишди, дея хабар беради Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати. Қизалоқ айни пайтда онасининг бағрида. Аммо, аёлнинг айтишича, оиланинг яшайдиган уйи йўқ ва моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолишган. Турмуш ўртоғи эса ичкиликка берилган. Оилавий келишмовчилик сабабли эри фарзандини сотиб, пулига ичкилик сотиб оламан (!) деб, чақалоқни кўтарганча уйдан чиқиб кетган. Аёл эса уни тополмаган. Шу тариқа, ота маст ҳолда қизалоқни бозор ҳудудига ташлаб кетган. Ички ишлар ходимлари чақалоқни топиб, онаси бағрига қайтаришди. Ҳолат юзасидан ҳозир терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Вояга етмаган, ҳали дунёни англаб-англамаган норасиданинг тақдири билан ўйнашиш жазосиз қолмайди, албатта.
Бу ҳолат бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак. Шу мақсадда вилоят ИИБ ТЭҚКБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида чақалоқ савдосининг олдини олишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда бундай ҳолатларнинг олдини олишда тиббиёт ходимларидан ҳам фаоллик талаб этилиши, фарзандини дунёга келтирган ёш оналарга тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлиги алоҳида таъкидланди.