28 Октября
Янги таҳрирдаги қонун кенг тарғиб қилинмоқда
Ички ишлар вазирлиги Академиясида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни тарғиботига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Терроризм ва одам савдосига қарши курашиш кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети тингловчилари ҳамда кундузги таълим курсантлари иштирок этди.
Айтиш керакки, давра суҳбати Олий Мажлис Сенатининг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишининг 2020 йил 13 августдаги 7-сонли баённомасининг тегишли бандлари ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан ушбу қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, коррупция жиноятлари қатори, одам савдоси ҳам жамият ҳаёти учун катта таҳдид солаётганини таъкидлаб ўтишди.
Янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилингани одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонунчиликда ваколатли органлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ҳамкорлигини кучайтириш орқали одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида аниқ вазифалар келтирилган. Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, мослашувини таъминлаш, идентификациялаш ҳамда уларни қайта йўналтириш борасида тегишли чора-тадбирларнинг белгилангани фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Давра суҳбатида янги таҳрирдаги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунча берилиб, истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.