26 Марта
Долзарб муаммога бағишланди
Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган давра суҳбати терроризм ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш муаммоларига бағишланди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ вакиллари сўзга чиқиб, замонавий таҳдидларнинг кучайишига имкон бераётган омиллар, террорчи ва экстремист ташкилотларнинг фаолиятига қарши курашиш, бу борада жаҳон ҳамжамияти томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан фикр алмашилди.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кескин курашиб, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш борасида якдил сиёсат олиб бормоқда. Айниқса ёш авлодни ушбу хатарлар таъсиридан асраш, миллий ўзлигимизга ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий салоҳияти ва илм-маърифатини юксалтириш орқали мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Давра суҳбатида минтақамиз ва жаҳоннинг айрим давлатларидаги сиёсий вазият таҳлил қилиниб, халқаро терроризм, диний ақидапарастлик ва одам савдоси жиноятларининг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифалари, кибер оламда юзага келаётган хатарларга қарши курашишда ички ишлар органлари ходимларидан талаб этилаётган касбий кўникмалар, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари ҳақида мулоҳазалар билдирилди.