Одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш

Қарши шаҳрида республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий — ахборот Маркази томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини ошириш орқали одам савдоси учун жиноий жавобгарликка тортишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида “Одам савдоси устидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг роли” мавзусида ўқув семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ ҲПБ тизими ходимлари иштирок этишди.

Семинарда мустақилликдан то шу кунгача Ўзбекистонда амалга ошириб келинаётган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича миллий ҳуқуқий норматив ҳужжатлар билан таништириб ўтиш мақсадида тақдимот шаклида қатнашчиларга Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари тушунча берди.

Семинар-тренингдан асосий кўзланган мақсад — одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича қайта йўналтириш механизмини такомиллаштириш, адашганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш ва ушбу ҳолат юзасидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг ролини кучайтирган ҳолда одамлар ишончини қўлга киритишдир.

Жабрланган инсонларнинг ишончини оқлаш учун авваламбор нима қилиш даркор?

Aлбатта, бунда биринчилардан бўлиб ички ишлар органлари ходимлари ва ёрдам қўлини узатадиган ташкилотлар ҳаракатни бошлашлари керак.

Тадбирда “Istiqbolli avlod” ташкилотининг бугунги мақсад вазифалари, келгуси режалари ҳақида иштирокчиларнинг тушунчалари бойитилди.

Якунда ташкилот томонидан тайёрланган “Одамлар ишонмайди” видеофильм намойиш этилди.