ОДАМФУРУШЛАРНИНГ УШАЛМАГАН ОРЗУСИ

Одам савдоси жараёни инсоннинг ҳаёт, эркинлик, шахсий дахлсизликка бўлган ажралмас ҳуқуқларини бузиш билан бирга кечади. У одатда иштирокчилари бир неча давлат ҳудудларида жойлашган жиноий тузилмалар томонидан амалга оширилади, бу эса жиноятни трансмиллий жиноятга айлантиради, минтақалар хавфсизлигига таҳдид туғдиради. Бундай жиноятлардан олинадиган даромад гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи, қурол-яроғ контрабандаси, терроризм каби уюшган трансмиллий жиноятларни молиялаштиришга хизмат қилиши мумкин. Энг ачинарлиси, одам савдоси билан узвий боғлиқ бўлган фоҳишабозлик ва қўшмачилик каби жирканч иллатларни аёллар содир этишмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ана шундай жирканч иллатни содир этган гуруҳ жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Гумон қилинувчилар ва жабрланувчи, шунингдек, гувоҳларнинг тезкор суриштирув жараёнида берган кўрсатмалари туфайли қилмишнинг асл мақсади аён бўлди.

Жондор тумани Аскарча қишлоғида яшовчи, 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Б. Мадина (исмлар ўзгартирилди) ва унинг жиноий шериги, туманинг Занги маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган А. Фарид ҳамда Оман Араб Республикасидаги яна бир жиноий шериги, 1988 йилда туғилган М. Райҳон билан олдиндан жиноий тил бириктиришади. Улар 1993 йилда туғилган тумандоши Т. Шоиранинг моддий аҳволи оғирлигидан фойдаланиб, уни Оман Араб Республикаси Muscat шаҳрида кўп пул топишга ишонтиришади. Содда қиз уларнинг алдовига чув тушганини билмай қолади. Аслида уни фоҳишалик қилиш учун ёллашади.

Шу тариқа, Райҳон хориждан пул узатиб, Шоирага чипта, виза, чет элга чиқиш паспорти учун тўловларни ўз ҳисобидан тўламоқчи бўлди. Барибир “ҳамкор”ларининг улушини ҳам бериши керак. Мадина ва шеригининг вазифаси Ўзбекистондаги барча сафар хизматларини бекаму кўст бажариб, “нозанин”ни гард юқтирмай унга узатишдан иборат эди. Шундай қилишди ҳам. Ҳаттоки Райҳон Шоира билан гаплашганда, харажатлар учун 5000 АҚШ доллари ишлаб берасан, деб келишишди.

Хуллас, барчаси рисоладагидек бўлди. Мадина шериги билан “мижоз”ни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Оман Араб Республикасининг Muscat шаҳрига юборади. У ерда Райҳон “нозанин”ни кутиб, жарақ-жарақ пул ишлаш орзу хаёлида эди. Осойишталик посбонлари аэропортда ўтказаётган тадбир вақтида олиб борилган суриштирувда “мижоз”нинг ишлашга бораётганини яширмагани шубҳа туғдирди ва кейинги суҳбат жараёнида барчаси аён бўлди, шунингдек, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Б. Мадина ва А. Фаридга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “г,з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.