Одам савдосига қарши кураш

Бугунги кунда аср муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш нафақат маҳаллий, балки халқаро даражадаги инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашдаги асосий масалалардан биридир. Ачинарлиси, ушбу иллатни олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Мазкур жиноятнинг ривожланишига сабаб бўлаётган омиллардан бири фуқароларнинг хорижга бориш ва меҳнат қилишнинг тартиб-қоидалари хусусида етарлича маълумотларга эга бўлмаслиги ҳамда фирибгарлар тузоғига илиниб қолишидадир.
Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:
одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;
одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;
одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида;
одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.

Энг ачинарлиси, одам савдоси боғлиқ жиноятчиликнинг кенг қулоч ёзишига: аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари — ишсиз юрган фуқаролар, турмуш ҳаётида кўп қийинчиликка учраган аёллар ва ота – онасининг эътибори ва қарамоғидан четда қолган вояга етмаган шахсларнинг гўёки уларнинг муаммоларини ҳал қилган каби кўриниб, ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланаётганлигидадир.