Андижонда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Андижон вилоятида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят ҳудудий комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ бўлган 4 жиноий ҳолат аниқланди. Уларни содир этган 5 шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, одам савдоси қурбонига айланган 16 жабрланувчи республика реабилитация марказига юборилиб, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди.

Таркибига Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари киритилган комиссия томонидан ҳар бир тизимда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

– Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш муҳим, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши масъул ходими, ишчи гуруҳи аъзоси Шарофиддин Хонимов. – Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши томонидан 2019 йилда ёшлар ўртасида жами 670 дан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилган. Мазкур тарғибот тадбирларида 50 мингдан зиёд ўғил-қиз иштирок этган.

 

Республика ишчи гуруҳи томонидан Хўжаобод, Булоқбоши туманлари ва Андижон шаҳридаги ўрганишлар жараёнида одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Бу каби ўрганишлар вилоятнинг қатор туманларида ҳам олиб борилди.