22 Августа
Ёшлар одам савдосига қарши!” мавзусида кўрик танлов ўтказилди
“30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан жорий йилнинг 10 июль кунидан 15 август куни қадар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (ЮНДОК), БМТ Тинчликни тиклаш жамғармаси ҳамда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси ҳамкорлигида “Фарғона водийси ёшлар ижтимоий уйғунлиги учун” лойиҳаси доирасида “Ёшлар одам савдосига қарши!” мавзусида кўрик танлови ўтказилди. Соврин 5та номинация бўйича аниқланди:
— энг яхши видеоролик,
— энг яхши расм,
— энг яхши мақола,
— энг яхши фотосурат,
— энг яхши иншо.
Мазкур тадбирда республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган барча ёшлар (14-30 ёшгача) иштирок этдилар. Жюри аъзолари томонидан кўрик танловга юборилган материаллар ичидан энг яхшилари саралаб олинди.
Жорий йилнинг 20 август кунида соат 16:00да Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биносида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган онлайн халқаро конференция ўтказилди ва конференциянинг иккинчи қисмида кўрик танлов ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ҳамкор ташкилотлар томонидан ғолибларга ажратилган қимматбаҳо совғалар жойлардаги Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши бўлимлари томонидан топширилади.
Мазкур онлайн конференцияда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (ЮНДОК) ҳамда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул ходимлари, шунингдек, республика ОАВ вакиллари иштирок этдилар.