29 Сентября
Биргаликда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашсак, катта ютуқларга эришамиз!!!
Одам савдоси ҳозирда глобал хавфсизлик, жамиятнинг барқарорлиги ҳамда жаҳон ҳамжамиятига таҳдид солаётган жиноят деб баҳоланмоқда. У ўзининг хавфсизлик даражаси бўйича ноқонуний қурол-яроғ сотиш ҳамда наркобизнес каби трансмиллий жиноятлар билан бир қаторга қўйилмоқда.
Мана шундай жиноятларни олдини олиш ва камайтириш мақсадида юртимизда жуда кўплаб ислоҳотлар, тадбирлар, анжуманлар ҳамда, ўқув семинар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири бугун 28 сентабрь Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ИИБ биносида ташкил этилди. Ҳудуддаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаро йиғинни раислари иштирокида ўтказилди. «Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!» лойиҳаси доирасида Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан вилоят ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда бўлиб ўтди.
Лойиҳанинг асл мақсадини — иштирокчиларга тушунтириб бериш учун қўлланма учун тайёрланган китоб дафтарлар, шу билан бирга ўзлари ишлайдиган жойларга осиб қўйиш учун плакатлар тақдим этилди.
Ўтказилган семинар-тренингдан асосий мақсад — Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий комиссияларининг фаолиятини такомиллаштириш, ҳамда ҳудудий профилактика инспекторлар, маҳалла фуқаро йиғинлари мутахассисларининг билим ва савия кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.
Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилоят бўлими директори Шахноза Раупова сўзлаган нутқида, бизнинг ташкилот билан ҳамкорликда одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва идентификациялаш, шахсни ҳурмат қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда, ёрдам кўрсатиш ҳамда, кўмакка муҳтож кишиларни тегишли ташкилотларга қайта йўналтириш механизмини тартиблари ҳақида гапириб ўтди.
Тренинг вақтида иштирокчилардан тушган саволларга жавоб қайтарилди.
Жумладан ички ишлар ходими ИИО ФМБ Ситуацион марказ оператори Сохиб Хурматов томонида «Карантин вақтида чет элда қолган фуқароларни олиб келишга кўмаклашасизларми?» деб берган саволига семинар ташкилотчилари бу репатриация жараёни деб жавоб беришди, яъни ватанга қайтариш дегани. Бу бўйича ватандан узоқда турган ҳолатида ҳам «Долзарб алоқа тармоғимизга телефон қилиб ҳуқуқий ёрдам олишлари мумкинлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Қисқача қилиб айтадиган бўлсам, семинар-тренинг шу тарзда савол жавобларга бой ўтди.