Чет давлатларга турли мақсадларда (ишлаш, ўқиш, саёҳат ва ҳ.к) чиқаётган фуқаролар қуйидагиларни билиши лозим:
Чет давлат чегарасидан ўтилгандан сўнг.
— мазкур давлат қонунларига қатъий риоя қилиш;
— хорижий мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва рухсатномаларни ўз вақтида қонуний йўллар билан рамийлаштириш (бунда қонуний тартибда белгиланган бож ва йиғимлардан ташқари ҳеч қандай тўловларни амалга оширилмайди);
— ишга жойлашаётганда фуқаролик паспортини ҳеч кимга бермаслик;
— меҳнат шартномасида (контракт) унинг барча шартномалари (ишнинг характери ва тури, муддати, маош миқдори, ижтимоий кафолатлар) қайд этилган бўлиши лозим.
Хорижий мамлакатларга меҳнат қилиш учун кетган барча фуқаролар шу давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ёки консуллик муассасаларида рўйхатдан ўтишлари шарт. Республиканинг ваколатли ташкилотлари бўлмаганда Ўзбекистон ҳукумати томондан ваколат берилган органларидан рўйхатдан ўтишлари зарур.
Чет элларга ишлаш учун кетаётган фуқаролар хорижий мамлакатга етиб олгандан сўнг оила аъзолари, дўстлари ва яқинлари билан почта, телефон ёки Интернет орқали мунтазам равишда боғланиб туришлари лозим.
Чет эллик иш берувчи шартнома (контракт) талабларига риоя қилмаган ҳолларда (иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик ёки тўлиқ миқдорда тўламаслик, қонунга зид равишда бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш) хорижий мамлакатнинг қонунчилиги билан ўрнатилган тартибда шикоят қилиш, шу жумладан судга мурожаат қилиш мумкин.
Бундан ташқари, хорижий ишчи-мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миграция хизмати ёки бошқа маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли тартибда мурожаат қилиш лозим.
Шахсий хавфсизлик.
Хорижда бўлиш даврида кутилмаган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:
— корхона раҳбарлари, ҳамкасблар ва маҳаллий аҳоли билан дўстона муносабатда бўлиш;
— маҳаллий халқнинг урф-одатлари ва миллий анъаналарини ҳурмат қилиш;
— жамоат жойларида ўрнатилган тартиб ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш;
— давлат сиёсатига, корхона раҳбарияти ва бошқа шахсларнинг ички ишларига аралашмаслик лозим бўлади.
Инсонни ҳаёти учун хавф туғилиши мумкин бўлган жойларга бормаслик, тажовуз қилинган тақдирда у ердан тезда кетиш, имкони бўлмаса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ёки атрофдаги шахслар эътиборини турли йўллар билан жалб қилишга ҳаракат қилиш лозим.
Давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ҳужжатларни текшириш мақсадида талаб қилган тақдирда, уларга мазкур мамлакатдаги ҳуқуқий ҳолатни тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этиш лозим.
Агарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ўзларини ҳаракатлари билан қонун доирасидан четга чиққан тақдирда, зудлик билан Ўзбекистон Республикасининг дипломатик (консуллик) муассасалари билан боғланиш лозим.
Ушлаш ёки ҳибсга олишга қаршилик кўрсатмаслик керак, акс ҳолда бу ҳолат вазиятни кескинлаштириб, жисмоний куч ёки махсус воситалар қўлланишига олиб келиши мумкин.
Ушлаш ёки ҳибсга олишнинг сабабларидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси дипломатик (консуллик) муассасалари ходимлари билан учрашувни, бепул адвокат билан таъминлашни, агар тақдим этилган ҳужжатлар мазмуни тушунарсиз ёки тушунмайдиган тилда ёзилган бўлса, уларга қўл қўймасдан, таржимон билан таъминлашни талаб қилиш мумкин.
© 2024 Национальная комиссия по противодействию торговле людьми и принудительному труду - подкомиссия по вопросам противодействия торговле людьми