24 Августа
Фоҳишаликка юборилаётган аёллар Самарқанд халқаро аэропортида тўхтатиб қолинди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармасининг берган маълумотига кўра, шу йилнинг 15 август куни Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятидаги халқаро аэропорт орқали Туркияга юборилиб, одам савдосидан жабрланиши мумкин бўлган аёллар тўхтатиб қолинди.
Жиноий гуруҳ аъзоси бўлган самарқандлик Р.Б. одам савдоси жиноятидан мўмай даромад орттириш ниятида Навоий вилоятидан бўлган уч нафар чет давлатида ишлаш истагида бўлган, моддий муҳтож, ишсиз ва турмушидан ажрашган аёлларни топиб, уларни уй ишлари ёки савдо дўконларида сотувчи бўлиб ишлаш ҳақидаги алдовлар билан Туркия давлатига жўнатиб, уларни фоҳишаликда эксплуатация қилишни мақсад қилган. Унга бу ишни жиноий шериги ҳозирда Туркия давлатида яшаётган онаси Р.М. буюрганини ва юборилаётган уч нафар аёлни Истанбул шаҳрида Р.М. кутиб олишини маълум қилган. Р.Н. аёлларни жўнатиш арафасида, уларга Туркияга боргандан сўнг бадал пули сифатида 6000 АҚШ доллари ишлаб беришини шарт қилиб қўяди ва аёлларга фоҳишаликда ишлашга кетаётганликларини билдиради.
Бундан хабар топган аёллар Туркияга кетиш фикридан қайтишларига қарамасдан, Р.Н. уларни “Сизларнинг ҳар бирингиз учун алоҳида чипта расмийлаштирилган, агар фикрингиздан қайтсангиз сарфланган ҳаражатларни қоплашингизга тўғри келади” деб, фикрларини ўзгартиради. Ўтказилган тезкор тадбирда уч нафар аёлни Туркияга жўнатмоқчи бўлган Р.Н. қўлга олинди.
Ҳозирги кунда Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси