КАТТА ҚИЗИҚИШ ВА ЗЎР ТААССУРОТ БИЛАН

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол миллий марказий бюросида АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги делегацияси билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтган эди. Хорижий делегация ўз ишини давом эттириб, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИОФМБ 7-сонли ИИБга ташриф буюрди.

Бу ерда делегация аъзоларини Тошкент шаҳар ИИББ масъул раҳбарлари кутиб олди ва бўлим фаолияти билан таништиришди. Меҳмонларда, айниқса, психологик кўмаклашиш маркази катта қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунга қадар мазкур марказда 12 000 нафар фуқарога психологик ёрдам кўрсатилгани қайд этилиб, бу ерда одам савдоси жабрланувчилари билан гуруҳлар таркибида иш олиб борилиши, шунингдек, фуқаро жиноят содир этса ёки одам савдоси жабрланувчисига айланса, қандай руҳий кечинмалар кечиши унинг ўзида ҳис қилдириш йўли билан кўрсатилиши, бу жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутаётгани айтилди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИИБ томонидан одам савдосига қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Тақдимотда жиноятчилик, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг пасайиш динамикаси, бунинг омиллари кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, 12400 мартадан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилгани, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида 400 га яқин чиқишлар қилингани ҳақида маълумот берилди.

Юнусобод туманидаги «Увайсий» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда шу маҳаллага хизмат кўрсатувчи ички ишлар органлари таянч пункти фаолияти ҳам АҚШ делегацияси аъзоларида яхши таасурот қолдирди. Улар сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимларининг халққа яқинлашиши кузатилганлигини, фуқароларнинг тизим ходимларига қўрқмай, иккиланмай мурожаат қилиши янада ижобий натижалар беришини алоҳида таъкидлашди.

Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти билан танишув чоғида меҳмонларга марказ фаолияти, хусусан, бу ерда психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши, болалар билан ўтказиладиган машғулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Чет давлатларда оғир аҳволда, назоратсиз қолиб кетган ёки бошқа муаммолари бўлган вояга етмаганларни юртимизга олиб келиш ҳам марказ вазифалари сирасига кириши айтилиб, ҳозирги кунга қадар 500 нафар вояга етмаган қайтариб олиб келингани қайд этилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари марказда яратилган шароитлар билан танишиб, бу ерда сақланаётган вояга етмаганлар билан учрашишди.

Одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш республика маркази 2009 йилда ташкил этилган. Марказда тиббий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади, бир вақтнинг ўзида 30 кишини қабул қилиш имконияти мавжуд. Жабрланганлар 1 ой муддатда, айрим ҳолларда 3 ойгача реабилитация жараёнидан ўтишади, шундан сўнг уларни касбга йўналтириш ёки ишга жойлаштириш бўйича чоралар кўрилади. Ҳозирга қадар 3000дан ортиқ фуқароларга ёрдам кўрсатилди.

Бу маълумотлар Одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш республика маркази фаолияти билан танишув жараёнида айтиб ўтилди. Делегация аъзолари марказ фаолиятига доир бошқа маълумотларга ҳам эга бўлдилар.

Кун якунида Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига ташриф буюрилди.

Меҳмонларга марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Делегация аъзолари марказда ташкил этилган “Call сenter” яхши таассурот қолдирганлигини билдиришди. Бу ерда барча мурожаатлар тингланиб, мурожаат қилувчиларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий ва бошқа йўналишларда ёрдам кўрсатилиши ниҳоятда ижобий ҳолат эканлиги эътироф этилди.

ИИВ Ахборот хизмати