12 Марта
Аёлини ардоқлаган юрт қудратли бўлади
Гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саҳовати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она-юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизни Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси, деб улуғлаймиз.
Уларнинг бетакрор фазилатларини ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак оз. Ғарб алломаларидан бири жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлига бўлган муносабати билан белгиланишини таъкидлаб, бизнинг тарихимиз аёлни ардоқлаш бобида ибрат олса арзирлик қадриятларга бой эканлигини эътироф этиб ўтганди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир» деган ғояси асосида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, бир сўз билан айтганда, мунис ва мўътабар опа-сингилларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Минг афсуски ана шундай эътибор ва ғамхўрликдан оқилона фойдаланиш ўрнига ҳаёт йўлларида билиб-билмай адашаётган аёлларимиз ҳам йўқ эмас. Ана шундай йўлдан адашган кимсалар ўз хатосини тушуниб етган бўлса, уларни тўғри йўлга, ёрқин ҳаётга қайтариш, ҳушёр ва сергак туриб, бепарволикка йўл қўймаслик, фарзандлар тақдирини ҳаёт оқимига лоқайд ташлаб қўймаслик каби долзарб масалалар ҳам ҳукуматимизнинг доимий диққат марказида.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикенглик сингари миллий қадриятларимизга йўғрилган адолатли сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда, улар жазодан муддатидан илгари озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилмоқда.
Бундай эзгу фазилатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонида яна бир бор ўз инъикосини топди.
Юртимизда баҳор нафаси кезинаётган шукуҳли кунларда бу эзгу тадбир аёлларга бўлган эътиборнинг, халқимизга хос юксак инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Унга кўра, янглишиб жиноят содир этган, айни кунда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ахлоқини қатъий тузатиш йўлига ўтган, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёллар афв этилди. Уларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди. 29 нафари эса ижро муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафар маҳкумага тайинланган ҳукм енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Уларнинг 25 нафарига тайинланган жазонинг муддатлари қисқартирилди.
Куни кеча Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 42-сон манзил колония ҳамда 21-сон жазони ижро этиш колониясида ушбу Фармон ижросига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда иштирок этган 200 нафарга яқин маҳкумаларга байрам совғалари улашилди. Афв этилиб, озодлик ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олаётганлар давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармонидан беҳад хурсанд эканликларини изҳор этдилар. Келинг, улардан айримларининг дил сўзларига қулоқ тутамиз.
21-сонли жазони ижро этиш колониясидан озодликка чиққан Тошкент туманида истиқомат қилувчи Ш. Нуртаева хурсандчилигини шундай таърифлайди:
— Менга бугунги байрам қўшалоқ келди. Қалбимдаги қувонч ва ҳаяжонни тўлиқ кўрсата ололмасам керак. Муҳтарам Президентимиздан бир умр миннатдорман. Худога беадад шукр, бу йил 8 март кунини оилам бағрида ўтказадиган бўлдим. Менга билдирилган ишончни, кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромни ҳалол меҳнатим, намунали турмуш кечиришим билан оқлайман.
З. Баратова эса Чирчиқ шаҳридан. У 42-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаётганди. ОЗОДЛИК. Нақадар тотли сўз… Заринанинг кўзларидаги қувонч ёшлари ҳар қандай тош юракни эритади. Албатта, бу жамиятимиздаги адолат тамойилларига ишонч, ўз келажагига бўлган қатъий умид туфайли балқиган хурсандчиликдир.
— Жуда-жуда бахтиёрман. Уйда олти нафар фарзандим мени интиқлик билан кутяпти. Энди уларнинг тарбияси билан шуғулланаман. Ҳаётда хато қилмасликка сўз бераман. Ўз яқинлари ва фарзандларидан жудоликда яшаш нақадар оғир эканлигини англаб, бизга яна бир бор имконият берган давлат раҳбаридан жуда миннатдорман, уларнинг ҳаққига сўнгги нафасимгача хайрли дуодаман.
Зангиотадаги 21-сонли жазони ижро этиш колониясидан авф этилган яна бир маҳкума М. Инамова эса Қирғизистон Республикаси фуқароси. У биз билан суҳбатда шундай деди:
— Чет эл фуқароси бўлишимга ва оғир жиноят содир этганлигимга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан афв этилдим. Бу мамлакатингиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев олиб бораётган олижаноб ислоҳотларнинг ҳаётий кўринишидир. Қилмишимдан пушаймонлигим, хатоларимни тан олганим ва бу йўлга бошқа қадам босмаслигим инобатга олинди. Байрамни яқинларим даврасида нишонлайман. Ҳадемай, меҳр-мурувват, бағрикенглик, айёми Наврўз ҳам кириб келади. Бугунги афв аслида бу байрамга ўзбек халқининг қанчалар самимий эканлиги, унинг тамойилларига амал қилишининг исботидир. Бағрикенг, меҳмондўст, элпарвар ўзбек қардошларим дунё тургунча турсин. Унинг мурувватли, илм-маърифатли, Президенти ҳамиша омон бўлсин!
Афв этилган маҳкумалар бу ердан ўз оиласи, ота-онаси, фарзандлари бағрига қайтди. Энди улар жамиятда қайта ўз ўрини топиб, меҳрибон она, суюкли бека, оқибатли фарзанд бўлиш бахтига мушарраф бўладилар.
Уларнинг юзларида балқиган қувончи, кўзларидаги севинч ва соғинч ёшлари энди фақат эзгулик ва бахтли кунлар учундир.
Озодликка чиққан опа-сингилларимиз уларга билдирилган ишончни оқлайдилар ва юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ижобий ишларда ўзларининг ҳиссаларини қўшадилар, деган умиддамиз.