13 Июля
Маҳкумларни озодликка чиқариш карантинда ҳам тўхтатилмади
Ҳаёт тарзимиз карантин туфайли бутунлай ўзгариб кетди. Аммо фуқароларга манфаат келтириши зарур бўлган, инсон ҳуқуқларини таъминловчи тизимлар фаолияти тўхтатилгани йўқ.
Онлайн хизмат кўрсатиш, суд мажлисларини онлайн ташкил этиш давом этмоқда.Зарур ҳолларда эса судьялар жазони ижро этиш муассасаларига бориб, маҳкумларни жазодан озод этиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқмоқда.
Тўғри, ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Бироқ, ўзининг озод бўлишини йиллар мобайнида кутган маҳкумлар ҳам одам ва улар ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Куни кеча Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидан бир гуруҳ маҳкумалар озодликка чиқарилди. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Ўктам Ҳолиқов раислигида бўлиб ўтган суд жараёнида 21-жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятининг тақдимномалари кўриб чиқилди.
Тақдимномада жазони ўташ жараёнида белгиланган тартибларга қатъий риоя этган, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ маҳкумаларни муддатидан олдинроқ озод этиш сўралган.
Янгийўллик маҳкума Р.Г. 2015 йил март ойида Жиноят кодексининг 223-моддаси, яъни қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки киришга оид қоидаларни такроран бузгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Судда маҳкума ўзига тегишли хулоса чиқаргани, айбини англаб етгани, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдириб, оиласи бағрига қайтишга имкон беришни сўради.
Суд маҳкуманинг шахсий йиғма жилдини ўрганиб чиқиш жараёнида унинг жазонинг ярмини ўтаб бўлгани, тарбиявий ишларда фаол иштирок этиб, топширилган ишларни виждонан бажаргани, муҳими, қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар инобатга олинди.
Маҳкуманинг ўталмаган қарийб 1 йил 11 ой жазо муддати шартлига алмаштирилиб, у муддатидан олдин озодликка чиқарилди.
Судда ишлари кўриб чиқилган бошқа маҳкумалар ҳақида ҳам шу каби фикрларни билдириш мумкин. Фақат айтиб ўтиш керакки, улар шунчаки озод этилмади, балки уларнинг келгусида ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиши, жамиятда ўз ўринларини топиши учун тегишли хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига масъулият ҳам юкланди.
Қувонарлиси шуки, суд жараёнидан кейин тўрт оилага оналар қайтиб, уларнинг бағри тўлди, фарзандлари қувончидан олам ёришди. Эндиги умидимиз — улар Она деган муқаддас номга муносиб бўлишга интилади, бошқа жиноят кўчасига кирмайди.