14 Июля
Фикридан қайтган “она” фарзандини 10.000.000 сўмга сотишга қарор қилди
2020 йилнинг апрель ойидаги Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг йиғилишида Жарқўрғонда яшовчи 28 ёшли Ф.Н., қиз фарзандини Қумқўрғон туманида яшовчи 35 ёшли Ю.Т.,га қонуний, суд орқали фарзандликка беришга рози бўлиб, туғруқ давомида кетган дори-дармон ва бошқа сарф-харажатларига деб 1.700.000 сўм пулларни олиб, Ю.Т., га фарзандиликка бериш учун барча ҳужжатларни тўплаб суд залига борганда Ф.Н. фикридан қайтиб фарзандини бермаслигини билдирган.
Орадан бир неча кун ўтиб, Ф.Н. телефон орқали ва бир неча маротаба Ю.Т., нинг яшаш уйига келиб, қиз чақалоғини сотиш учун Ю.Т., дан 10.000.000 сўм миқдордаги пул маблағини талаб қилганидан сўнг, Ю.Т. ИИБ га ариза билан мурожаат қилган.
Мазкур ариза асосида ИИБ ходимлари томонидан фуқаро 2020 йилнинг 3 июль куни Қумқўрғон туман “Оқсой” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ёшлар хиёбони” ҳовлисида ўтказилган тезкор тадбирда, Ф.Н. қиз чақалоғи учун Ю.Т., дан талаб қилган 10.000.000 сўм миқдорида пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.