09 Сентября
ФАРЗАНДФУРУШ ОНАНИ ЖИНОЯТГА НИМА ЕТАКЛАДИ?
Жорий йил 3 март куни Ғузор тумани Буюк карвон йўли маҳалласида яшовчи 24 ёшли аёл ўз хонадонида тоғаси ва унинг қудаси ёрдамида 2017 йилда туғилган ва бирор бир ҳужжати бўлмаган қизини Қарши шаҳрилик фуқарога 4 миллион сўмга сотган. Бироқ Қашқадарё вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ғузор тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида жиноятчилар болани пуллаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, фарзандфуруш она ва унинг шериклари қилмишларига яраша жавобгарликка тортилди.
Одам савдоси ва, хусусан, болалар, чақалоқлар савдоси билан боғлиқ шу каби ҳолатлар, афсуски, Қашқадарёда ҳам, мамлакатимизда ҳам кейинги вақтларда тез-тез рўй бераяпти. Бундай жиноятларнинг сабаблари, асл илдизлари нимада? Уларнинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак? Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, бутун жамиятнинг бу борадаги вазифалари нимадан иборат?
Ушбу саволларга Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Қашқадарё вилояти худудий комиссиясининг йиғилишида батафсил жавоб изланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган бу тадбир қатнашчилари – ички ишлар органлари ходимлари, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллари, чақалоқлар савдосининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилишди. Шунингдек, бу иллатга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбилар режасини ишлаб чиқиш, фарзандликка оид норматив актларни такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазалар юритишди.
Йиғилиш иштирокчилари ушбу долзарб масала юзасидан бир қатор таклифлар ҳам киритишди.
Хусусан, Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий-ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари фарзандликка олиш тартиб-қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, болаларга васий ва/ёки ҳомий тайинлаш, “Меҳрибонлик” уйларидан фарзандликка олиш олиш тартибини такомиллаштириш ва шу каби яна бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.
Ишчи гуруҳи аъзолари тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб қайтаришар экан, шу аснода ҳудудий комиссияга аъзо бўлган ташкилотларнинг бугунги вазифаларини ҳам белгилаб беришди.